ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН?
Вақтинг бўлса агар жуда бемалол Кел, мен бирла ғамгин бўлиб сур хаёл. Ҳар дақиқа ўйлаганим бир савол: Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Туш кўраман, уйғонаман ҳар куни, Уйқуларда тўлғонаман ҳар куни, Наҳот лойга булғонаман бир куни Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Йиғлаганда ҳижолатни биламан, Душман босса, бу ҳолатни биламан, Нафас олар ҳар соатни биламан, Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Тирик зотлар, тирикликка тупуринг, Дунё деган чанг-тўзонни супуринг, Аҳли қубур, нега жимсиз, гапиринг Ўлим деган соат қандай бўларкин?
У кун недир, очиқ қолган туйнукми? Ё безовта қуш мисоли ўйликми? Келган меҳмон гўзалмикан, ҳунукми, Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Тинмай Роббул ъаламийнни зикрланг, Неъматини йиғлаб-йиғлаб шукрланг. Инсоф қилинг, бир бор бўлсин фикрланг Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Фахрланманг тоза ўтган насабдин, Ундан кўра адаб олинг адабдин. Юрагингиз ёрилмас не сабабдин: Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Кўзи очиқ, қалби юмуқ инсонлар, Қаранг бир-бир сафардадир ҳар жонлар, Секин ўтар эхтимол минг-минг онлар, Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Хомиладор бир кун келиб туққандек, Кўкка учган ғубор барбир юққандек, Дор арқони бўғизни бир буққандек, Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Роб каломи Қуръон бизга эслатма, Ажратгувчи Фурқон бизга эслатма, Эй ёронлар, бул он бизга эслатма Ўлим деган соат қандай бўларкин?
Сўз охири: бир ҳақни мен сўйлагум, Истасангиз, ғамгин совтда куйлагум, Минг йил умр берсалар ҳам ўйлагум: Ўлим деган соат қандай бўларкин?
|