Бу аёлларга ҳайрон қоласан, киши. Тўйдан аввал қанчалик сарвиқомат, нафосатли ..нақ ўқилмаган китоб. Очиб ўқишга, уни кашф қилишга қанча шошасан , сўнгра, баъзан исмини ҳам унутиб юборгинг келади. Бу дард ҳамма эркакларнинг бошида бор, ҳеч бўлмаганда ўйланишга қарор қилган ҳар бирида. Ҳали бу дардга йўлиқмаган эркакларни огоҳлантириб қўйиш мақсадида ушбу мақолани ёзишга киришдим. Дейлик, балоғат ёшига етиб, ўйланиш фурсати ҳам келиб қолди. Ундан ташқари, ота‑онада набира соғинчи ҳам уйғонган. Шунга кўра, ўзингизга мос латофатли, нафосатли, ақлу‑фаросатли ва албатта сарвиқомат ва гўзал қиз қидиринг. Бундай қизни топгач, севги изҳоридан сўнгра, осмондаги ойни олиб бераман, деган ваъдани ҳам беришни унутманг. Қизлар бундай ваъдаларни жуда хуш кўришади. Ваъдани бераверинг, тўйдан кейин эса уни устидан чиқиш ҳақида келинбола билан ўзаро келишиб олаверасиз. Ҳозирча эса бўлажак келинболага "сиз”лаб гапиринг, ширинсўз бўлинг. Тўй куни охирги сабрингизни муштингизга йиғинг. Эртадан хотинни тарбиялаш ишларининг йўналишини қарама‑қарши тарафга ўзгартиринг. У энди сиз билан бирга уйқуга ётиши, аммо сиздан эрта туриши керак. Сиз уйғонганингизда барча кийимларингиз дазмолланган, пойафзаллар ярқираган, иссиқ нонушта сизни кутиб турган бўлиши лозим. Хотин бўлмиш келинбола аввалига бу вазифаларнинг барчасини хурсандчилик билан амалга оширади. Бунинг сабаби эса, тўйдан аввал олиб берилиши ваъда қилинган ойда. Аммо ҳамма нарса ҳам сиз ўйлагандек, силлиққина эмас. Заифанинг ҳам баъзи баъзида эркалангиси келиб, эътибор талаб қилиб қолади. Масалан, ишдан келганингиздан сўнг у ширинлик егиси келаётганини айтди. Бундай ҳолатларда, зинҳор дўкон сари югурманг, хотин бунга ўрганиб қолиши мумкин. Дўконга югуришнинг ўрнига, унга ўша ширинликни ўз қўллари билан пиширса, эртага эрталаб нонуштада мазза қилиб ширинликни истеъмол қилишда ўз ёрдамингизни таклиф қилинг. Чарчадим, деб баҳона қилса (албатта бу баҳона, 2 дор кир ювиш, атига 3 марта овқат пишириб, уйни саранжомлаб чиқиш билан одам чарчаб қолармиди?), хафа бўлишни ҳам унутманг. Келинболани кўнгиллари беҳузур бўлаяптими? Табриклаймиз, куёвбола сиз яқинда ота бўласиз. Тарбиявий ишларга зўр беринг. Энди хотинингиз билан кўпроқ урушинг. У инжиқлик қилиб, йиғласа уни асло овутманг, эркак асло хотинидан кечирим сўрамаслиги керак. Акс ҳолда, бу хотинлар елкангга ўтириб олишдан тоймайди. Уни ўз ҳолига қўйинг, тўйиб‑тўйиб йиғлаб олсин, сиз эса ухланг. Эртаси куни кўйлагимни нега дазмоллаб қўймадинг, деб унинг (ва бўлажак болангизни ҳам) кўнглини "кўтаринг”. Кечқурун дўстларингиз билан учрашувга кетинг, иложи бўлса, телефонингиз ҳам тасодифан "ўчиб” қолсин. Базмдан кеч қайтинг, уйда сизни ухламай, хавотирда кутиб ўтирган рафиқангизни кайфияти (шу билан бирга қон босими ҳам) кўтарилиб кетиши аниқ. Ахир, у туни билан барча касалхона ва моргларга қўнғироқ қилиб, сизни излаган, сиз эса мана соппа‑соғ ўз оёқларингиз билан кириб келдингиз. Бир‑иккита жойингиз чанг бўлса нима қилибди, йигитчилик! Фарзанд туғилгандан сўнг, эркаклар бир хатога йўл қўйишади. Улар хотинларига гул совға қилишади. Умрида бир марта гул олган аёл, энди ҳар тадбирда эридан гул совға қилишини кутади ва умидлари чиппакка чиққач, хафа бўлади. Буни олдини олиш учун унга зинҳор гул совға қилманг! Туғруқхонадан чиққандан сўнг, дўстларингиз билан бу бахтли ҳодисани "ювинг”. Яқинда фарзандли бўлган хотинингизга асло ёрдам берманг. Режаларингизга умуман ўзгартириш киритманг. У сизнинг фарзандингизни қараётган бўлса ва ёрдамингизга муҳтож бўлса нима қилибди? Кечаси билан 5‑6 марта бола йиғисидан уйғонган хотинингизни тонгда уйғотиб нонушта тайёрлаб беришини илтимос қилинг. Уйғонишига 30 сония вақт беринг, уйғонмаса, қаттиқроқ овозда уйғотинг, бир йўла болани ҳам ўйғотиб юборсангиз, бир қўлида боласи иккинчи қўлида чойнак билан нонушта ҳозирлаётган аёлингизга "тезроқ бўл!” деб бақириб ҳам қўйинг. Иложи борича ишдан кечроқ келинг. Шунда аёлингиз сиздан болани қарашга ёрдамлашиб юборишингизни илтимос қилмайди. Умуман олганда, бола тарбияси хотинларнинг иши эканлигини унга такрорлаб туринг. Байрам ёки бошқа тадбирларда унга ҳеч қандай совға берманг. Дўстларингиз ёнида заифангизни "ширин” сўзлар билан "сийлаш”ни ҳам унутманг. Бу дўстларингизнинг кўз ўнгида сизнинг ҳурматингизни оширади. Унга ширин сўзлар гапирманг, эркаланиб кетади. Унинг ёнида дўстларингизни хотини қанчалик гўзаллашиб кетганини эслатиб туринг. Юқорида айтилганларни тўла амалга оширганингиздан кейин, бир кун келиб ёнингиздаги хурлиқо, нимагадир ялмоғизга айланиб қолганини кўриб ҳайрон бўлманг. Сиз ҳам аллақачон шаҳзодалик шуҳратингиз билан хайрлашиб бўлгансиз.
|