«Яқинда тўй ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ янги қарор чиқди деб эшитдим. Бу қандай қарор, унда нималар айтиб ўтилган, илтимос шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз».
Зебунисо Тожибоева, Тошкент вилояти
Етти маҳаллада дув-дув гап бўладиган даражада данғиллама тўй қилиб, оқибат елкасигача қарзга ботиш меҳмондўст, орзу-ҳаваси бола-чақасидан кўп халқимизга хос одат. Беш юз, борингки, минг кишига никоҳ дастурхони ёзиш, сарпо-суруқ, совға-салом, беш-олтита "артис”у, яна эртасига келин салом, чарлар, куёв чақирди, эҳ-ҳе… Бу маросимларни эсон-омон ўтказиб олгунча неча йиллаб йиғилган мол-давлат кўкка совурилиши аниқ. Ким ўзарга бундай "хўжакўрсин” тўйларни ўтказиш қачондан пайдо бўлди, умуман кимга керак деган саволлар эса очиқ қолиб кетаверади. Апрел ойида қабул қилинган халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори эса юқоридаги каби "ёт одатлар” авж олган бир паллада айни муддао бўлди десак адашмаган бўламиз.
Исрофгарчиликка чек қўйилсин
Қарорда "Маҳалла” хайрия жамоат фонди, "Нуроний” жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази, хотин-қизлар қўмитаси ва туман ҳокимликларига қуйидаги вазифалар юклатилиши айтиб ўтилган:
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташилотлар билан биргаликда оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик кенгашларини тузиш ва унинг мақсад ва вазифаларни белгилаш. Бу кенгашнинг вазифалари тўй ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолати устидан мунтазам жамоатчилик назоратини олиб боориш, маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдан иборат бўлади.
- шунингдек қарорда маросимларни миллий қадриатлар асосида ўтказиш ишларини тарғибот орқали жамият ҳаётига тадбиқ қилиш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилган.
Пулингиз ортиқча бўлса, эҳсон қилинг!
Маросимларни ўтказишда меъёрдан ошиш албатта исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Қарорда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллигига ҳам бу борада бир неча масъулиятли вазифалар юклатилган.
Жумладан, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбир эгаларига сарфлаётган ортиқча харажатларини кераксиз дабдаба ўрнига кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб қувватлаш учун йўналтиришларига тарғиб қилиш. Бу орқали "хўжакўрсин”га ишқибоз бўлган айрим ҳамюртларимиз нокерак исрофгарчиликларга эмас, хайрли, савобли ишларга қўл уришни бошласалар не ажаб. Бундан ташқари, тўй ва маросимларда маъруза ўқийдиган имом хатибларга ҳам мавзуларни кўпроқ ёшлар тарбияси, ота-оналик масъулияти, жамият ҳаётига ҳавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш каби масалаларга қаратишлари тавсия этилган.
Ош ишга таъсир қилмасин
Хўроз қичқириб улгурмай элга ош бериш фақатгина бизнинг халқимизга хос бўлган одат. "Наҳорги ош” – ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўзбекона удумларимиздан. Бироқ танганинг икки тарафи бўлганидек, бу маросим ўз навбатида киши саломатлигига (саҳарлаб ейилган ёғли ошни ҳамманинг ҳам ошқозони кўтаравермайди албатта) ва иш унумдорлигига таъсир қилмай қолмайди. Қарорда шу жиҳатларни хисобга олган ҳолда жамоатчиликнинг ресторан, кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07:00дан 09:00гача ёки 12:00дан 14:00гача ош бериш, иш вақтида 09:00дан 12:00гача ва 14:00дан 18:00гача ош бермаслик ҳамда 23:00дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларини олдини олиш бўйича таклифлар қабул қилинган.
"Терминал йўқ” дейишга ҳаққи йўқ
Маросимларни ўтказишда тўйхона харажатлари тўйбошилар учун асосий чиқимлардан бири ҳисобланади. Оилавий даромадларнинг сезиларли қисми пластик карточкаларда келиб турган бир вақтда тўй қилиш учун озмунча нақд пул керак бўладими? Яна тўйхона эгалари "бизда пластик ўтмайди, ҳисоб-китоб нақд бўлади” деб турса…
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорига кўра, эндиликда ресторан, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали тўланадиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хилда амалга оширилиши тўлиқ назоратга олинади.
"Тинчлик борми ўзи йўқми?!” дейишга ҳожат йўқ
Шунингдек қарорга мувофиқ барча ресторан, кафе ва тўйхона эгалари томонидан тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчини бузмаслик учун тўй-ҳашамдан сўнг шовқинли ҳолатларни бўлмаслигини таъминлаш чоралари ҳам кўриб чиқилади
Санъаткорлар нарх айтишда осмондан келса...
Бугун тўйнинг "зўр”лиги тўйга нечта машҳур хонанда келгани билан ўлчанаётгани сир эмас. Кошку бу санъаткорларнинг "бирров”и арзонроқ бўлса… Тўйга иккита яхши санъаткорнинг келиб тўрттадан қўшиқ айтиб кетиши бутун бошли тўй харажатидан ҳам ошиб кетиши рост.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши масаланинг бу жиҳатига ҳам эътибор қаратишган. Маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Давлат солиқ бошқармаси, Ички ишлар бош бошқармаси, Молия бош бошқармаларига тўй ҳашам муносабати билан санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг хизмат кўрсатиш ҳамда хорижий автоуловларнинг ижарага олиб, шаҳарда айланиш ҳақлари ошириб юборилишини олдини олишни, ва ушбу ҳолатни тартибга солиб аниқ меёрларни ўрнатиш масаласини ишлаб чиқиш вазифалари ўртага қўйилган.
Шунингдек келин-куёв ва уларнинг яқинлари шаҳарда айланиши ва суратга олиш жараёнида фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этишни назорат қилиш бўйича ҳам чора тадбирлар белгиланиши лозимлиги кўрсатилган.
Очиқ-сочиқ келин либослари ўзбек қизларига ярашмайди
Кенгаш томонидан Хотин-қизлар қўмитасига маҳаллий дизайн ташкилотлари ва ишлаб чиқарувчи корхоналар билан биргаликда миллий қадриятларимизга хос бўлган қизлар ва келинлар учун либослар намунасини тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида миллий кийимларни тарғиб этиш, кўргазмалар ташкил этиб ҳаётга жорий этиш вазифалари юклатилди. Ярим очиқ, Европача услубда тикилган келин либосларидан норизо бўладиганлар учун қарорнинг бу банди айни муддао. Зора энди ушбу қарор ижроси ила тўйларимизга ҳақиқий андишаю иболи, ўзбекона миллийликдан йироқлашмаган келинчакларимиз кўрк бахш этсалар…
Қарор-ку яхши, ижро-чи?
Албатта ҳар қандай қарор ва қонунларнинг кучи қачонки қоғоздан ҳаётга кўчганидагина намоён бўлади. "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори ҳам тез орада ўз ижросини кўрсата бошлайди, деган умиддамиз. Бу ижро нафақат пойтахт тўй ва маросимларида балки барча вилоят ва туманларимизда ҳам таъминланса нур устига аъло нур. Балки шунда"қизини узатиб сўнг икки йил қарз тўлади”, "шунча ноз неъмат бекорга исроф бўлди”, "учта "фонограмма” қўшиқ учун минг доллар тўлабман-а!” каби гап-сўзлар камаяди, тўйларимизга яна миллийлик, ўзбекона қадриятларимизга ҳос анъаналар қайтади. Зеро тўйнинг файзи дабдабабозлик билан эмас, ихшамчилиги, саранжом саришталикда, режали асосда ўтказилиши билан ўлчанади.
ДИҚҚАТ: қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилган.
Лобар Азизхўжаева