UMMON Guruhi: Ularning urnida bulsak, biz xam
UMMON ni Yomon kurardik..
"Уммон” сўнгги уч йил ичида ёшлар орасида энг оммалашган гуруҳлардан бири саналади. Ҳеч қандай рекламасиз, фақатгина телефон ва интернет сайтлари орқали қўшиқларини тақдим этиб танилган ушбу гуруҳ, бугунги саҳифамиз меҳмони. Мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда "www.djakbar.ucoz.com” Сайти илк бор "Уммон” йигитлари билан интервью уюштиришга қарор қилди. Суҳбат давомида, танқид ва мақтовлар, тухмат ҳамда шахсий ҳаётга оид қизиқарли маълумотларни билиб олишингиз мумкин...
— Сизларнинг бўш вақтингизни топиш қийин экан. Ишлар кўпми, дейман?
Жасур: — Ҳа, ишлар етарли даражада. Тингловчиларга кетма-кет янги қўшиқларимизни эшиттириш ҳаракатида тиним билмай ишлаяпмиз.
Зоҳид: — Бундан ташқари, ҳисоб бўйича ўзимизнинг учинчи клипимизни хам оляпмиз. "Бойлик” номли қўшиғимизга клипни Рустам Муродов билан ҳамкорликда суратга туширамиз.
Шоҳрух: — Энг асосийси, яккахон концерт дастурига тайёрланиш жараёни қизғин давом этмокда. Насиб қилса, 19-20 сентябр кунлари Туркистоннинг ёзги саройида мухлисларимиз билан яна дийдорлашамиз.
— Мустақиллигимизнинг 21 йиллигига бағишланган байрам дастурида ҳам қатнашаётган экансиз, шу ростми?
Жасур: — Ҳа, биз "Нозли ёр” деб номланган қўшиғимизни илк бор катта майдонда куйлаймиз. Ҳозир, ҳар куни репетициялар билан бандмиз.
— Байрам учун махсус қўшиқ ёздингларми?
Жасур: — Ватанимизга аталган қўшиқлар бор, аммо раҳбариятга кўпроқ "Нозли ёр” қўшиғи мақъул бўлгани учун, шу қўшиқни куйлашга аҳд қилдик. Бундан ташқари, баъзи қўшиқларимиз тайёрланаётган дастур форматига унчалик тўғри келмаслиги ҳам бунга сабаб бўлди.
Зоҳид: — Бизнинг зиммамизга катта масъулият юклатилган. Илк бор анъанавий тарзда ўтказиладиган байрам дастурида қатнашяпмиз. Ҳаяжонимиз жуда кучли.
Шоҳрух: — Байрам дастурида иштирок этишни дилимизга тугиб қўйгандик. Мана бу йил орзуимиз амалга ошди.
— Концерт дастурингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
Жасур: — Биласизми, сўнгги концертимизда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги инсонлар ҳам меҳмон бўлишаётганига гувоҳ бўлдик. Кеча бизни танқид остига олиб, овозимизни эшитгиси келмаётганларнинг ҳам кўнглидан жой топа олаётганимиздан хурсандмиз.
Зоҳид: — Бу йилги яккахон концерт дастуримизда 22 та қўшиқ куйлашни режалаштирганмиз. Режиссёрнинг ёрдамисиз, ўзимиз саҳналаштираётган концертда, томошабинлар қўшиқларимизни фақат ўриндиқларда ўтирган ҳолда тинглашини истамаймиз. Рақсбоп қўшиқларимизга бемалол ўйнашлари ҳам мумкин. Бунинг учун "Туркистон” саройининг ёзги майдонида махсус рақс майдончалари ташкил этилмокда.
— Бир неча ой аввал, сизларни газетамиз учун интервьюга таклиф этганимизда, келмаганингиз ёдингиздами? Бу "юлдузлик касалиги”дан далолатми?
Жасур: — Аслида, ўша кунги интервьюга бора олмаганимизга кутилмаганда содир бўлган нохуш воқеа сабаб бўлган. Бундан ташқари, катта устозлар билан бахс кўринишидаги суҳбат бўлишини билмаганмиз. Яъни, бизни суҳбат нима ҳақда бўлишини огоҳлантиришмаганди.
Зоҳид: — Тан оламиз, ўша куни, келолмаслигимизни келишилган вақтга озгина қолганда айтганмиз. Шунинг учун ҳам, сизлар ўрнимизга бошқа ҳамкасбларимизни чақира олмагансиз.
— Бўлиб ўтган воқеалардан кейин "Даракчи” газетасига бошқа интервью бермаймиз, деган экансизлар...
— Йўқ, биз бу гапларни айтмаганмиз. Республика микёсида катта обруга эга газета биздан интервью оламан дедию, биз йўқ деймизми? Булар шунчаки, кимларнингдир ёлғон гапи.
— Умуман олганда танқидга муносабатингиз қандай?
Зоҳид: — Танқидни тугри кабул киламиз. Бизнинг фикримизча, у-бу кимни мақтаб танитгандан кўра, уни танқид билан машҳур қилиш осонроқ. Сабаби, бизни ҳам тинглаганлар роса ёмонлашди, танқид қилишди. Лекин кўриб турганингиздек, уларнинг гап-сўзлари бизнинг фойдамизга бўлди.
— Танқидлар ичида кўнгилингизга оғир ботгани ҳам бўлгандир?
Жасур: — (Бироз ўйланиб) "Қандай унутдинг?” қўшиғимиз ҳақида "ўғриланган” деган гаплардан роса хафа бўлгандик.
Шоҳрух: — Қўшиқнинг ўзи премьера булганида ҳеч қандай танқид, эътироз, плагиатлик ҳақида гап-сўз бўлмаган. Клипдан кейин "ўғрилик” ҳақида гаплар "болалаб” кетди.
Зоҳид: — Аслида, "Қандай унутдинг?” бизнинг муаллифлик қўшиғимиз. Ингилиз тилида куйланган қўшиқда бас овозлар, мен басталаганда эса гармония устунлик қилади. Бемалол айтишим мумкинки, кимдир бизнинг гуруҳни шарманда қилмоқчи бўлиб, "Қандай унутдинг?”га ўхшаш таронани топган. Сўнг биз куйлаган қўшиқдан парчаларни унга маҳорат билан монтаж қилган. Натижада, гўё, биз ўша ингилиз тилидагисини ўзгартириб олгандек бўлиб қолганмиз. Бироқ тан оламиз, икки қўшиқнинг куйланиш оҳангида бошидаги тўрт қатор ўхшаш.
— Ҳаммага маълум "Уммон” гуруҳи ҳеч қандай ҳомийларсиз танилишган...
Жасур: — Тўғри, биз биринчи қўшиқларимизга ҳеч қандай пул сарфламасдан, эски компеютер ускуналарида қўшиқ ёзардик. Микрафонлар ўрнида бизга наушникларнинг микрофонлари қўл келган.
Шоҳрух: — Шоу бизнесга кириб келиш ҳақида ҳеч ўйламаганмиз. Биз шунчаки, ўзимизнинг қизиқишимизни қондириш учун баъзи бир трекларни куйлаётган, ўсмир йигитлар эдик. Вақти келиб, санъат оламида жиддий ижод бошлашимиз хаёлга келмаган эди.
Зоҳид: — Бизнинг қўшиқларимизни биринчи бўлиб маҳалладошларимиз тинглаган. Кейинчалик қўшиқларимиз "қўлма-қўл” бўлиб бизни танитди.
— Ҳозир эса "Pan Terra” студияси билан ҳамкорлик қиляпсиз...
Жасур: — Ха, биз айни вақтда "Pan Terra” студияси билан шартнома тузганмиз, улар билан ҳамкорликда иш юритяпмиз.
— "Уммон” "Pan Terra”сиз ҳам машҳур эди. Бу кундаги ҳамкорлик сизларга қандай фойда олиб келяпти?
Жасур: — "Pan Terra” бизга жуда катта имкониятларни яратиб берди. Концерт тадбирлари, байрам дастурлари, ТВда клипларимиз, деярли ҳамма радио тўлқинларда қўшиқларимизнинг "айланиши”га хам айнан мана шу студия сабабчи.
Шоҳрух: — Вақтида қанчадан-қанча радиоларга қўшиқларимизни олиб борганимизда, "эшикни орқасидан ёпиб қўйганлар” кўп бўлган. Бу масалаларда мазкур студия бизга анча енгилликлар яратиб берди.
— Ёшлар орасида "Уммон” қўшиқларининг оммалашишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
Жасур: — Биз реал ҳаётдан келиб чиққан ҳолда, ёшлар орасида кўп учрайдиган мавзуларни куйлашимиз оркали муваффакиятга эришдик. Мавзуларга оддий шеърий тарзда эмас, айнан воқеани гапириб бериш билан мурожаат қилишимиз тингловчиларга манзур бўляпти.
Зоҳид: — Куйлаш йўналишида ҳам овозларимизни "автотюнь” орқали безашимиз ҳам янгилик бўлди. Тўғри, биздан аввал ҳам бу усул қўлланилган, аммо биз бу нарсани одамларга ўргата олдик, деб ҳисоблаймиз.
Шоҳрух: — Бунга ҳам бошида роса қаршиликлар бўлган. "Уммон” фақат компьютер билангина қўшиқ куйлайди”, деган хар хил гап-сузлар тарқалган. Аммо вақт ҳамма нарсага мослаштирар экан.
— Аммо қўшиқларингизнинг ҳаммасини ҳам савияли деб бўлмайди, буни ҳам тан олиш керак?
Жасур: — Савия борасида тўғри, эътирозлар кўп. Айтяпман-ку, биз, айнан ёшлар тилида куйлаяпмиз. Яъни, кўпроқ қўшиқнинг сўзларига эмас, унинг дардига эътибор беряпмиз. Аммо ҳаммаси вақтинча, мана аста-секинлик билан тарознинг икки палласини тенг ушлаб, савияли даражада ижод қилишга ҳаракат қиляпмиз.
— Яқинда таҳририятимизга бир йигит "Мен "Уммон” гуруҳини ёмон кўраман, чунки севган қизим уларни яхши кўргани учун мени ташлаб кетди”, деган маънода мактуб йўллабди...
(Кулгу кўтарилди)
Жасур: — Бундай мавзудаги хатларга ўрганиб кетганмиз. Ҳатто "Йигитларнинг нафратига учраганмиз”, десак ҳам бўлади (кулади).
Агар ўша йигитларнинг ўрнида биз бўлганимизда ҳам "Уммон”ни ёмон кўрган бўлармидик...(кулги кўтарилди) Шахсан менинг севган қизим ҳам, бирон бир хонанданинг қўшиқларига эмас, айнан унинг ўзига ошиқ бўлганида албатта рашк қилардим.
Шоҳрух: — Манманликка йўйманг-у, аммо қизларнинг бизга қилаётган хатти-ҳаракатларини кўриб биз ҳам ўша "Уммон”ни ёмон кўрадиган йигитларнинг аҳволини тушуняпмиз. Ахир, ҳеч бир эркак севганининг бировга бўлган муҳаббатини жимгина кузатиб туролмайди.
— "Уммон” гуруҳини бир инсон организми деб оладиган бўлинса, сизларда ким қайси аъзо ҳисобланади?
(Бу савол янграши билан Шоҳрух ва Жасур бир пайтнинг ўзида "Гуруҳимизни юраги мана бу”, деб Зоҳидга қўлини бигиз қилди.)
Жасур: — (ўйланиб) Очиғини айтсам, биз фақат гуруҳимизнинг юрагинигина билар эканмиз...
Зоҳид: — Биздан бир ёш кичкина бўлса-да, доим тўғри йўлга бошлайдиган, турли вазиятда яхши томонни кўрсата оладиган, қайсидир маънода бошқариб турадиган инсон бу — Жасур. Жасурга ҳазиллашиб "Сен бизнинг отахонимизсан”, деймиз. Шоҳрух эса бизнинг эркатой хонандамиз.
— Ҳар ой мунтазам равишда "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ўтказилиб келинаётган "Мард-у майдон” жонли ижро фестивалига таклиф қилишса...
Жасур: — Қатнашамиз. Бизнинг ҳам бошқалар каби жонли ижрода ўзимизни кўрсата олишимизга курбимиз етади.
Зоҳид: — Жонли ижро ҳақида гап кетганда, бир янгиликни айтиб ўтмоқчи эдим. Куз ойидаги концерт дастуримизда биз 1-2 та қўшиқни жонли ижрода куйламоқчимиз.
— Шоҳрух, ҳозирги берадиган саволим айнан сизга тегишли. Тадбирларнинг бирида сиз саҳнадан туриб, мухлисларга қўпол муомала қилганингизга, шахсан ўзим гувоҳман...
— (Уялиб) "Фонд Форум” томонидан ўтказилган "Ҳаёт учун” марафонини назарда тутаётган бўлсангиз керак. Тўғриси, мухлисларга ёмон гапирмасдим. Бироқ ўша вазиятда ўзимни ушлаб туролмадим. Томошабинлар томонидан кетма-кет саҳнага улоқтирилган баклашкалар мени бунга мажбур қилди. Биз томон "гулдасталар” каби отилган баклашкаларни фақат йигитлар "ҳадя” этишди.
— Бундай пайтларда нималар ҳақида ўйлайсиз?
— Аҳамият бермасликка ҳаракат қиламиз. Чунки ҳаммага бирдек ёқиш нихоятда қийин. Аммо нима бўлганда ҳам ҳар қандай вазиятда тингловчилар маданиятни, ўзбек эканлигимизни унутмасдан, энг асосийси, ёмонлик қилаётган инсонининг ўрнига ўзини қўйиб кўришларини истардим.
— Шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ саволларга ҳам тўхталсак, севган инсонларингиз борми?
Жасур: — Менинг севган инсоним бор. Буни яширмайман. Аммо бу икки дўстим севги дардига мубтало бўлишмаган.
— У билан қандай танишгансиз?
— Қандай танишганим мухлислар учун сир бўлиб қолгани мақъул (кулади)...
— Мухлисларингиздан кўп рашк қилса керак?
— У билан танишганимда санъат соҳасига кириб бўлган, маълум бир тингловчиларимиз бор эди. Рашк албатта бўлади, аммо меъёрида. Асоссиз рашк қилмасликка келишганмиз. Энг қувонарлиси, ҳозирданоқ мени ҳурмат қилиб, мухлисларнинг муносабатини, танлаган касбимни яхши тушуняпти. Мени қувонтираётгани ҳам мана шу.
— Тўй қачон?
— Ҳозирча оила қуриш ниятимиз йўқ.
— Сизлар-чи, қачон шахсий ҳаётингизни йўлга қўймоқчисиз?
Шоҳрух: — Буни вақт кўрсатади. Ҳали оила қуриш ҳақида ўйламаяпмиз. Сабаби, биринчидан ёшмиз, иккинчидан, вақт ва имконият борида ишлаш керак.
— Ҳозир 18-19 ёшлилар учун ижод қиляпсиз, ёшингиз улғайганидан кейинги ижодингизни тасаввур қила оласизми?
Зоҳид: — Кейинчалик, қўшиқларимизнинг мазмуни, мавзуси ҳам ёшимизга мослашиб ўзгариб, "улғайиб” бораверади.
ФАКТ:
Жасур Рафиков Искандарович:
1 1991 йилнинг 30 сентябр куни Тошкент шаҳрида туғилган.
2 Тошкент Маданият коллежининг Маданий тадбирлар режиссураси факультетини тамомлаган.
3 Оилада бешта фарзанднинг учинчиси. Иккита акаси, бир сингил ва укаси бор.
Зоҳид Рихсиев Зокирович:
4 1990 йилнинг 20 мартида Тошкент шаҳрида туғилган.
5 Гуруҳ яккахони Зоҳид Иқтисодиёт коллежига кириб, санъатга қизиқиши сабаб ўқишини давом эттирмаган.
6 Оилада тўнғич фарзанд, бир синглиси бор.
Шоҳрух Исамуҳаммедов Фурқатович:
7 1990 йилнинг 1 апрел куни Тошкент шаҳрида туғилган.
8 Туризм касб-ҳунар коллежини тамомлаб, айни кунларда Тошкент Давлат Аграр университетининг 4-босқич талабаси.
9 Оилада учта фарзанднинг иккинчиси, акаси ва синглиси бор.
10 Зоҳид ва Жасур 58-ўрта мактабни, Шоҳрух эса 115-мактабни битиришган.